• eye Махсус имкониятлар
Эксперт гуруҳи имзо варақаларини текширишга киришди
09.09.2021
708
Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилгани Марказий сайлов комиссияси томонидан 5 кунлик муддатда текширилади. Бунда сайловчилар имзолари зарур сонининг камида 15 фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши керак бўлади.

Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси томонидан имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширувчи Эксперт гуруҳлари тузилди.

Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар, адлия органларининг криминалист, хатшунос эксперт-мутахассислари, шунингдек, олий таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари жалб этилди. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этмоқда.

Қайд этиш жоиз, Эксперт гуруҳлари томонидан текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг нисбатда танлаб олинади.

Агар Марказий сайлов комиссияси томонидан танлаб олинган имзо варақаларининг чорак қисмидан кўпроғини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса, мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.

Агар қўллаб-қувватловчи шахсларнинг (сайловчиларнинг) имзолари сони белгиланган энг кам миқдордан яна оз бўлиб чиқса, мазкур имзо варақалари тўлиғича ҳақиқий эмас деб топилади. Мазкур ҳолда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партияга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олишни рад этади.

Агарда Сиёсий партия тақдим этган ҳужжатлар, шу жумладан сайловчиларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари Сайлов кодекси талабларига мос келса, Марказий сайлов комиссияси навбатдаги йиғилишларидан Сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодни рўйхатга олиш масаласини кўриб чиқади.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме